Тошкентда 25 яшар гей йигит бўғизлаб ўлдирилди

Опубликовано: 07 Октябрь 2024
на канале: Ozodlik Radiosi
1,200,310
5.6k

12 сентябрь кечқурун Тошкентнинг Юнусобод туманида номаълум шахслар 25 яшар Шокир Шавкатовни ўлдиргани тўғрисидаги норасмий хабарни Юнусобод туман ИИБ мулозими тасдиқлади.

ИИБ мулозимининг Озодликка айтишича, воқеа юзасидан жиноят иши очилган. Терговни Юнусобод туман прокуратураси терговчилари олиб бормоқда.

Самарқанд вилоят, Челак шаҳрилик Шокир Шавкатовнинг онаси, 13 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда, ўғлининг жасади шаҳар суд-тиббий экспертизаси моргида эканлигини билдирди.

Юнусобод туман ИИБ вакилига кўра, Шокир Шавкатовни ўлдиришда гумон қилинаëтган 40 ёшлардаги икки йигит қўлга олинган.

ИИБ вакили "жиноятнинг жинсий озчиликлар мавзусига боғлиқлиги боис" бошқа тафсилотларни айтишга ҳуқуқи йўқлигини билдирди.

Матбуотга гапириш ваколати бўлмагани боис исми тилга олинишини истамаган Юнусобод туман прокуратураси вакилига кўра¸ воқеа юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97- моддаси (Қасддан одам ўлдириш) "П" банди (бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд ўша гуруҳ манфаатларини кўзлаган ҳолда) бўйича иш очилган.

Қотиллик хроникаси

Маълум бўлишича, ўлдирилган Шокир Шавкатов ўзининг Инстаграм саҳифасида гей эканлигини очиқ эътироф қилган.

Озодлик Шавкатовнинг дўстлари билан ҳам боғланди. Унинг гейлигини тасдиқлаган Азиз исмли самарқандлик йигитга кўра, воқеа Тошкентнинг Юнусобод туманида 12 сентябрь, кеқурун соат 11.30 да содир бўлган.

Азизнинг воқеани ўрганаётган адвокатнинг айтганларига таяниб айтишича, Шокир Шавкатов Юнусободаги ЛГБТ (лесбиянлар, гомосексуаллар, бисексуаллар ва трансгендерлар) жамоаси аъзолари гавжум бўладиган тунги клубга борган. 40 ëшлардаги икки йигит уни тунги клубдан олиб чиқиб, ўзларига тегишли квартирага олиб кетган.

Квартирада Шокир Шавкатов калтакланиб, икки жойига пичоқ урилган. Шавкатов қочиб чиққан. Икки йигит Шокир Шавкатовнинг орқасидан етиб келиб, бино кираверишида ушлаб, йиқитиб, кейин томоғидан бўғизлаган ва йигит ўлган.

Азизнинг бу иддаосини ўлдирилган йигитнинг онаси ҳам такрорлади. Ўғлининг ўлимидан сўнг ўтган бир неча соат давомида тўплаган маълумотларига таяниб, она ўғлининг уни ўлдирган йигитлар билан таниш бўлмаганини, уларда қасд олиш ëки гейлиги учун жазолаш мақсади бўлмаганлигини билганини айтди.

ЛГБТ жамоаси ташвишда

Ўзбекистондаги ЛГБТ жамоаси фаолининг Тошкентда туриб, юристларга таяниб, Озодликка айтишича, жиноят атайин гейларга нафрат асосида гомофоблар томонидан содир қилинган:

Икки кун олдин айни тунги клубдан 10 га яқин жинсий озчилик вакиллари ИИБ ўтказган рейд давомида таҳқирланиб, ҳамманинг кўз олдида ушлаб кетилган эди. 12 сентябрдаги ваҳший қотиллик заминида гомофобия аломатлари кўриниб турибди. Шокир Шавкатовни олиб кетганлар ўзларини “ахлоқ полициячиси” каби тутишган.