Би-би-си Ўзбек хизматининг бу галги Facebook LIVE жонли мулоқоти Ўзбекистондаги раҳбарлар маънавиятига бағишланди.
Отаси тенги инсонларни ҳақоратлаш, ҳатто калтаклашни Ўзбекистондаги амалдорлар ўзлари учун одатий ва табиий ҳол деб қабул қилиб қолганларига анча бўлди.
Ҳоким маданияти, одоб-ахлоқи ҳам жамиятда муҳокама этилмайдиган мавзуга айланди.
Бироқ Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бундай хулқ-атворни қабул қилмаслигини айтди, уч ҳоким айнан шу масала туфайли лавозимидан бўшатилганини маълум қилди.
Афтидан, сўконғич тўраларни “тарбиялаш” осон бўладиганга ўхшамайди
Фарғона вилоятининг ҳокими Шуҳрат Ғаниев тошлоқликларни "ҳароми" ва "падарингга лаънат" деб сўкканига изоҳ бермади ва кўпчилик талаб қилаётганидек кечирим сўрамади.
Ҳокимнинг матбуот котиби эса ҳодисада журналистларни айблади. У айрим мансабдорларни, Тошлоқдаги хотинидан ажрашиб алимент тўламаётган эркакларни ва милицияга тош отган одамларни "ҳароми" деб ҳақорат қилиши мумкинлигини айтиб чиқди.
Раҳбарларнинг бундай ўзини тутиши марҳум президент Каримовнинг бошқаруви остида шаклланди, дейди ўзбекистонлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаев.
Ҳокимларни халқ сайлаши керак ва бунда раҳбарнинг маънавияти, маданияти ва одоб-ахлоқи ҳам инобатга олинмоғи лозим, деб ҳисоблайди Канадада истиқомат қиладиган журналист ва ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназар.
Бу масала Ўзбекистондаги сиёсий маданият даражасини кўрсатади, дейди Британияда яшаётган журналист ва таҳлилчи Фарҳод Ҳазрат.
Жонли дастур бошловчиси Шодиёр Сайф.
Би-би-си Ўзбек хизматининг видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин.